АЖАБО!
— Ажабо, қўлингдаги минг сўм масжидга нақадар кўп-у, бозорга нақадар оз.
— Ажабо, бир ярим соат зикр нақадар узоқ чўзилади-ю, тўқсон минут футбол нақадар тез тугайди.
— Ажабо, дуода сўзлар нақадар топилмайди-ю, ғийбатда шу қадар қуйилиб келади.
— Ажабо, агар футболда қўшимча вақтга ўтадиган бўлса, нақадар ҳаяжонланиб турамиз-у, Рамазондаги қўшимча намоздан узоқ деб нолиймиз.
— Ажабо, Қуръондан бир саҳифа ўқиш нақадар қийин-у, “Даракчи”дан ўттиз бет нақадар осон.
— Ажабо, бир неча дақиқа масжидда нақадар узоғ-у, навбатдаги сериал қаршисида нақадар оз.
— Ажабо, хонанда қаршисида олдинги қаторларга нақадар ҳарисмиз-у, Худованда уйида сўнгги сафларга.
— Ажабо, одамларга жумъа маърузасини эсда сақлаб, бошқаларга етказиш нақадар оғир-у, иғвою миш-мишларни ташиб юриш нақадар енгил.
— Ажабо, телевизорнинг ҳар бир чўпчагига ишонамиз-у, Парвардигорнинг ҳақ сўзига шубҳа қиламиз.
— Ажабо, севимли кўрсатув олдидан тайёрланиб, ҳар қанча кутамиз-у, намоз вақти деярли ўтиб кетса ҳам, унга ҳеч қанча тайёргарлик кўрмаймиз.
— Ажабо, сериал қаҳрамонларини нақадар севиб, уларни куйиб-пишиб муҳокама қиламиз-у, масжидда ёнимизда турган намозхонни танимаймиз.
— Ажабо, ҳар ким жаннатга киришни ҳар қанча тамаъ қилади-ю, бунинг учун бир нима қилиш, гапириш ёки ишониш кераклигини ҳеч қанча ўйламайди.
—Ажабо!